Аёл 16 йил давомида ўзини кар ва соқов қилиб кўрсатди
Суғурта компанияси аёлга пенсия тўлашни тўхтатди.

Испаниянинг Андалусия шаҳрида яшовчи аёл ногиронлик бўйича нафақа олиш учун 16 йил мобайнида ўзини кар ва соқов қилиб кўрсатгани фош этилди. У 2003 йилда иш жойидаги ҳодиса натижасида руҳий травма олганини айтиб, ижтимоий таъминотдан доимий ногиронлик пенсияси олишни бошлаган. Воқеа супермаркетда содир бўлган бахтсиз ҳодисадан сўнг, унга травмадан кейинги стресс ва нутқни йўқотиш ташхиси қўйилган эди.
Бироқ суғурта компанияси 2019 йилда аёлнинг соғлиғи бўйича ёзувларини чуқур таҳлил қилиб чиққач, 2009 йилдан кейин у билан ишлаган шифокорларнинг бирортаси беморнинг сўзлашув қобилиятида нуқсон аниқламаганини сезди. Бу ҳолат шубҳали туюлиб, компания махсус терговчи ёллади. Кузатув натижасида аёл мунтазам телефонда гаплашаётгани, Зумба машғулотларига қатнашаётгани ва мактабда бошқа оналар билан бемалол мулоқот қилаётгани фош бўлди. Ҳатто терговчи аёлдан кўчада йўл сўраганда, у терговчига йўлни тўлиқ тушунтириб берган.
Суд қарорига кўра, суғурта компанияси аёлга пенсия тўлашни тўхтатди. Энди унга нисбатан фирибгарлик бўйича жарима солиниши мумкин ва суғурта компанияси 16 йил давомида тўланган маблағларни қайтариб олиш учун судга мурожаат қилмоқда.







