АҚШ Суриядаги ҳарбийларини қисқартиришни бошлади
Пентагон Сурияда 500 аскарни қолдиришни режалаштирмоқда.

Хабарларга кўра, АҚШ Сурияда жойлашган саккизта ҳарбий операцион базанинг учтасини ёпмоқда. Ушбу қисқартиш натижасида ҳарбийлар сони 2000 нафардан 1400 нафарга туширилади.
Манбаларнинг маълум қилишича, кейинги 60 кун ичида АҚШ қўмондонлиги контингентни янада қисқартириш мақсадга мувофиқлигини баҳолайди. Шу билан бирга, Сурияда камида 500 нафар аскарни қолдириш таклифи ҳам илгари сурилган.
Америкалик расмийлар бу қарор минтақадаги хавфсизлик таҳдидлари ва сиёсий беқарорлик фонида эҳтиёткорлик билан қабул қилинаётганини таъкидлашмоқда. Бироқ NYT'нинг ёзишича, президент Доналд Трамп Сурияда ҳар қандай АҚШ ҳарбийлари қолишига шубҳа билан қараган.
Мазкур ҳаракат АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий иштирокини камайтириш сиёсати доирасида баҳоланмоқда. Таҳлилчилар фикрича, бу қарор Курд кучлари, Туркия ва Эрон билан боғлиқ мураккаб геосиёсий мувозанатга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.







