Германияда Иккинчи жаҳон уруши даврига оид бомба топилди
Фавқулодда операция сабаб 7800 киши эвакуация қилинган.

Германиянинг Кўлн шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши давридан қолган 500 килограммлик портламаган ҳаво бомбаси топилди. Воқеа 17 апрель куни шаҳарнинг Зултсе туманида қурилиш ишлари вақтида рўй берган. Мутахассислар бу снарядни вақтли портловчи бомба деб баҳолади ва дарҳол хавфсизлик чораларини кўришга киришди.
Кўлн ҳокимияти тезкор равишда бомба зарарсизлантирилиши бўйича махсус операцияни бошлади. Бомбанинг топилган жойидан 500 метр радиусдаги ҳудуддан 7800 га яқин аҳоли эвакуация қилинди. Эвакуация ҳудудига шаҳарнинг энг баланд иншоотларидан бири-45 қаватли Уни маркази ҳам киради.
Операция давомида жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилган, хавфсизлик кучлари ва махсус мутахассислар воқеа жойида иш олиб бормоқда. Ҳозирча бомба муваффақиятли зарарсизлантирилгани ҳақида расмий маълумот берилмаган, лекин барча хавфсизлик чоралари кўрилмоқда.







