Хитойда дунёдаги энг баланд кўприк қурилмоқда
Хитой 625 метрлик кўприк билан дунё рекордини янгиламоқда.

Хитойнинг Гуйчжоу провинциясида жойлашган Huajiang Grand Canyon кўприги қурилиши якунланмоқда. Беипан дарёси устида қад ростлаётган ушбу иншоот сув сатҳидан 625 метр баландликда бўлади ва дунёдаги энг баланд кўприги номига эга бўлади.
Кўприкнинг очилиши 2025 йилнинг иккинчи ярмига режалаштирилган. Қурилиш ишлари 2022 йил январида бошланган бўлиб, ҳозирда 95 фоизга якунланган. Лойиҳани Guizhou Highway Group компанияси бошқармоқда.
Бош муҳандис Чжан Шенглин бу лойиҳани Хитой инфратузилмасининг қудратини намоён этувчи муҳим қадам сифатида баҳолаган. Унга кўра, кўприк Беипан водийсининг “Ер ёриғи” номи билан танилган чуқур қисмларини боғлайди ва йўл қатновини бир соатдан бир дақиқагача қисқартиради.
Транспорт аҳамиятидан ташқари, кўприк туристик марказ сифатида ҳам катта эътиборни жалб қилмоқда. Миноралардан бирида панорамали кўринишга эга шиша лифт, юлдузларни томоша қилиш учун бар ва кафе бўлади. Ҳаяжонни изловчилар учун шиша полга эга кузатув майдончаси ва дунёдаги энг баланд бунгеэ сакраш жойи мавжуд.







