Хитойда роботлар илк бор марафонга чиқди
Роботлар инсонлар билан ёнма-ён югуришган.

Хитойда илк бор одамсимон роботлар одамлар билан бирга ярим марафон югуришида иштирок этди. Хабарларга кўра, Пекинда бўлиб ўтган Йизҳуанг ярим марафони робототехника соҳасида инқилобий воқеага айланди.
Илмий-тадқиқот институтлари ва компаниялар томонидан яратилган 21 нафар гуманоид робот 21 километр масофани босиб ўтишга ҳаракат қилди. Айрим моделларда юз ифодалари – табассум қилиш, кўз қисиб қўйиш – каби инсоний мимикалар ҳам мавжуд бўлган.
Томошабин Хе Хишун роботларнинг “жуда барқарор ва ёқимли” югурганини айтиб, бу робототехника технологиясининг сезиларли ютуқларидан далолат беришини таъкидлади.
Ҳар бир роботга инсон мураббийлар ҳамроҳлик қилган. Баъзи иштирокчилар ҳатто ўз роботларига жисмоний ёрдам кўрсатган. Айрим роботлар махсус спорт кийимида — кроссовкалар, бокс қўлқоплари ва ҳаттоки “Ғалаба қозониш керак” деб ёзилган бош боғичлар билан югурган.
Бироқ, ҳеч қайси робот марра чизиғигача етиб бора олмаган. Бир робот мусобақа бошида йиқилиб, бир неча дақиқадан сўнг ҳаракатни давом эттирган. Бошқаси эса панжарага урилиб, шериги билан қулаб тушган.
Ярим марафон роботлар учун ҳам синов, ҳам эволюциянинг амалий кўриниши бўлди. Бу эса келажакда инсон билан роботнинг ҳамкорлигига асос бўлиши мумкин.







