АҚШда кучли ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда
Ёнғин 3500 гектар майдонга тарқалган ва минглаб одамлар уйларини тарк этмоқда.

АҚШнинг Ню-Жерси штатига қарашли Океан округида юзага келган ўрмон ёнғинлари сабаб 3000 дан ортиқ аҳоли хавфсизлик чоралари доирасида эвакуация қилинди. Бу ҳақда штат ўрмон ёнғин хизмати хабар берди.
Шиддат билан тарқалаётган алангалар Garden State автомагистралини тўсиб қўйган. Ёнғин сешанба куни кечқурун кучайиб, минглаб инсонларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилган. Расмий маълумотларга кўра, 1320 дан ортиқ бино ҳали ҳам хавф остида.
Ёнғин ҳозирча фақат 10 фоиз ҳудудда назорат остига олинган бўлиб, у шимолий йўналишда тарқалишда давом этмоқда. Ёнғин чиқиш сабаби ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда. Мутасадди идоралар томонидан ҳолат тўлиқ ўрганилмоқда ва аҳолини хавфсиз жойга кўчириш ишлари давом этмоқда.







