Қирғизистонда “Рус уйи” ходимаси урушга одам ёллагани учун ҳибсга олинди
Ўшдаги тўрт шахс устидан жиноий иш қўзғатилган.

Бишкек шаҳридаги Биринчи май тумани суди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг илтимосига биноан, Ўш шаҳрида фаолият юритувчи “Рус уйи” ходимаси Наталия Секеринани 17 июнгача ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарди.
Жиноят иши доирасида Ўш шаҳри ҳокимияти матбуот хизмати ходими Сергей Лапушкин ҳам ҳибсга олинган. Ундан ташқари, яна икки нафар шахс қўлга олинган бўлиб, уларнинг шахси ҳозирча очиқланмаган.
Тўртала гумондорга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг “Ёлланма жангчи” моддасига биноан айблов қўйилган. Мазкур модда 15 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади.
Суд маълумотларига кўра, улар одамларни Россиянинг Украинадаги урушида иштирок этиш учун ёллаганликда гумон қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Қирғизистон фуқароси Асқар Қубаничбек Уулу Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларида қатнашгани учун 10 йилга қамалган эди. Кейинроқ жазо енгиллаштирилиб, у мунтазам равишда ҳуқуқ-тартибот органларига бориб қайд этилиши шарти билан озод қилинган. 2024 йил ёзида эса у Россияга қочиб, яна фронтга қайтиб кетгани аниқланган.








