Россиянинг дрон ҳужумлари Украина вилоятларини ларзага солмоқда
Ҳужумлар натижасида камида 9 киши ҳалок бўлган.

Днепропетровск вилоятининг Марганетс шаҳрида корхона ишчиларини олиб кетаётган автобусга Россия ҳарбийлари томонидан дрон билан зарба берилди. Бу ҳақда вилоят маъмурияти раҳбари Сергей Лисак маълум қилди.
Лисакнинг айтишича, ҳодиса натижасида камида 9 киши ҳалок бўлган, яна 30 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
Бундан ташқари, ўтган тун Россия кучлари томонидан Одесса ва Полтава вилоятларига ҳам дрон ҳужумлари уюштирилган. Расмий маълумотларга кўра, бу ҳудудлардаги ҳужумлар ортидан бир нечта тинч аҳоли жароҳатланган.
Харков ва Киевда ҳам дронлар ҳужуми натижасида ёнғинлар юзага келгани билдирилди.








