АҚШда 12 штат Трампни судга берди
Тариф сиёсати судда кўриб чиқилади.

Американинг 12 штати президент Доналд Трамп маъмурияти томонидан жорий этилган божхона тарифларини ноқонуний деб ҳисоблаб, уларни бекор қилиш талаби билан АҚШ Халқаро савдо бўйича Федерал судига даъво аризаси берди.
Суд ҳужжатларида таъкидланишича, Трамп сўнгги уч ой ичида президент фармойишлари, меморандумлар, ижтимоий тармоқлардаги постлар ҳамда турли агентликлар кўрсатмалари орқали тарифларни ўзгартирган, оширган ва айрим ҳолларда тўхтатиб қўйган. Даъвогарлар бундай сиёсатни қонунчиликка зид деб ҳисоблаб, бу орқали давлат савдо сиёсати президентнинг шахсий истакларига боғлиқ ҳолга келганини таъкидлашмоқда.
Шунингдек, Трамп фавқулодда ҳолат эълон қилган ҳолда Конгрессни четлаб ўтиб, мамлакатнинг тариф сиёсатини тубдан ўзгартиришга уринганликда айбланмоқда. Бу эса, даъвогарлар фикрича, конституциявий тузумга путур етказган ва Америка иқтисодиётига зарар келтирган.
Даъвони Орегон штати Бош прокурори илгари сурган бўлиб, у Аризона, Вермонт, Делавер, Иллинойс, Колорадо, Коннектикут, Миннесота, Мейн, Невада, Нью-Йорк ва Ню-Мексико штатлари томонидан қўллаб-қувватланган. Ишда айбланувчи сифатида Доналд Трамп, Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм ҳамда Божхона ва чегараларни ҳимоя қилиш хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Питер Флорес кўрсатилган.







