Uzbekistan Airports 6,8 млрд сўмлик харидни қонун талабларига зид амалга оширган
Текширув жараёнида танлов ҳужжатларидаги талаблар асосида таклифлар тўлиқ ва холис баҳоланмагани аниқланган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида Uzbekistan Airports АЖ буюртмачилигида 6,8 миллиард сўмлик давлат хариди қонунчилик талабларига зид равишда амалга оширилгани маълум бўлди. Мазкур харид “боди-камераларни етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизмати”ни ўз ичига олган.
Текширув жараёнида танлов ҳужжатларидаги талаблар асосида таклифлар тўлиқ ва холис баҳоланмагани аниқланган. Шунингдек, танловда ўзаро боғлиқ ва манфаатдор шахслар иштирок этгани ҳамда баҳолаш босқичида қатор хатоликларга йўл қўйилгани тасдиқланган.
Агентликнинг тақдимномаси асосида харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш бўйича баённомалари бекор қилинди ва ноқонуний хариднинг олди олинди.
Ўрганиш натижасида тўпланган барча ҳужжатлар қонуний чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Ҳолат юзасидан қўшимча текширув ишлари давом этмоқда.







