Фарғонада ака мерос сабаб ўгай укасини пичоқлаб ўлдирди
Айбланувчи мерос улуши туфайли ўгай онаси ва укаси билан тез-тез жанжаллашиб турган.

Фарғона вилоятида мерос тақсимоти билан боғлиқ оилавий келишмовчилик оғир жиноятга сабаб бўлди. Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман судида ушбу воқеа юзасидан ҳукм ўқилди.
Суд материалларига кўра, фуқаро ўгай онаси ва вояга етмаган укасининг меросдан улушдор бўлишидан норози бўлиб, улар билан тез-тез жанжал чиқарган. Навбатдаги низода у мактабга кетмоқчи бўлаётган укасига ҳужум қилиб, уни хўжалик биносига судраб олиб кирган ва танасининг турли қисмларига кўплаб пичоқ зарбалари етказган. Натижада вояга етмаган йигит воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳодиса чоғида оиланинг отаси ҳам жароҳатланган. Айбланувчи унга ҳам пичоқ билан ҳужум қилиб, енгил тан жароҳати етказган.
Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди мазкур шахсни айбли деб топиб, унга 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.







