Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги ташкил этилади
Янги агентлик алоқа хизматлари сифатини назорат қилади.

Ўзбекистонда телекоммуникация соҳасида тартибга солиш тизимини такомиллаштириш мақсадида янги давлат органи — Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги ташкил этилади. Бу ҳақда Президентнинг 21 август куни имзолаган ПФ–142-сонли фармонида белгилаб қўйилди.
Агентликнинг асосий вазифаси — мамлакат бўйлаб алоқа операторлари ва интернет провайдерлари кўрсатаётган хизматлар сифатини доимий равишда назорат қилишдир. Фармонга кўра, агентлик хизмат сифати белгиланган стандартларга мос келишини ҳар ойда камида бир марта мониторинг қилиб боради.
Янги агентлик молиявий ва ташкилий жиҳатдан мустақил бўлиб, ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга, у ўз фаолияти юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериб боради.
Мазкур қарор телекоммуникация хизматлари сифатини ошириш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва соҳада адолатли рақобат муҳитини яратишга қаратилган.







