Тошкент вилоятида энг яхши меҳмонхоналар учун 1 млн долларлик танлов жорий этилади
Ҳозирда вилоятда 1015 та оилавий меҳмон уйлари ва 51 та меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда.

22 август куни Туризм қўмитаси ҳамда Тошкент вилояти Туризм бошқармаси ҳамкорлигида вилоятнинг бой сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, унинг табиий, тарихий ва маданий меросини ёритиш, шунингдек, ички ва ташқи сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида навбатдаги пресс-тур ташкил этилди.
Барчамизга маълумки Тошкент вилояти гўзал табиати, бетакрор ва мазали таомлари, турфахил дам олиш масканлари билан юртимизнинг туристик жозибадорлигини оширишда, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этишда ўзининг алоҳида ўрнига эга.
Мазкур пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари Паркент, Бўстонлиқ ва Оҳангарон туманларига ташриф буюриб, ушбу ҳудудларда фаолият юритаётган меҳмонхоналар, туризм қишлоқлари, меҳмон уйлари, барпо этилаётган янги туризм объектлари, миллий ҳунармандчилик марказлари, тарихий ва табиий масканлар билан яқиндан танишдилар.
Пресс-тур иштирокчилари ушбу ҳудудларнинг сайёҳлар учун жозибадор жиҳатларини ўрганиб, ўз ОАВ платформалари орқали кенг оммага етказишни, ижобий имиж яратиш ва вилоят туризм салоҳиятини ёритишга хизмат қилишни мақсад қилдилар. Матбуот вакиллари билдирган фикрларига кўра, Тошкент вилояти нафақат пойтахт яқинлиги, балки бой табиий ва маданий ресурслари билан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.
Тошкент вилоятида туризмни ривожлантириш истиқболлари ҳам салмоқли. Бугунги кунда Тошкент вилоятида жами 1295 та жойлаштириш воситалари (12 348 хона, 30 972 ўрин) мавжуд бўлиб, шундан, 51 та меҳмонхона, 76 та дам олиш зоналари, 1015 таси оилавий меҳмон уйлари, 109 таси хостел, 44 таси санаторий ва бошқа соғломлаштириш объектлари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи 172 та туристик корхоналар фаолияти ташкил этилган.
Айни пайтда вилоятнинг бир нечта ҳудудида янги сайёҳлик кластерлари, экотуризм марказлари ва агротуризм лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Бу эса нафақат меҳмонлар оқимини оширади, балки маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш, иқтисодий фаолликни кучайтириш ҳамда миллий маданиятни кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, амалдаги тартибга кўра, оилавий меҳмон уйлари туристларни қабул қилиши бўйича кунлик меъёр 10 нафардан ошмаслиги белгиланган. Энди бу чеклов 2 каррага кўпайтирилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида маълум қилди. Президентимиз маҳаллий меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ўртасида танлов ўтказишни таклиф қилди. Танловнинг мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлади, сайёҳлар эътиборини қозонган, нуфузли халқаро платформаларда энг кўп ижобий эътироф олган меҳмонхоналар ҳар йили тақдирланади.
Ушбу пресс-тур нафақат Тошкент вилоятининг туризм салоҳиятини ОАВ вакиллари орқали кенг ёритиш, балки соҳага оид янги ташаббус ва ёндашувларни амалий жиҳатдан татбиқ этиш учун муҳим платформага айланди. Вилоятнинг бой табиати, қадимий мероси ва замонавий инфратузилмалари сайёҳликни ривожлантиришда кенг имкониятлар яратмоқда. ОАВ вакилларининг фаол иштироки, давлат сиёсатдаги ислоҳотлар ва хусусий секторнинг фаоллиги эса Тошкент вилоятини мамлакатнинг энг етакчи туристик марказларидан бирига айлантириш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.







