“Аёлларнинг юз қисмида ўтказилган айрим амалиётлар нохуш ҳолатларга олиб келаётгани — факт”
ССВ сохта косметологлардан огоҳлантирди.

Cўнгги пайтларда хотин-қизлар юз қисмида ўтказилган айрим амалиётлар нохуш ҳолатларга олиб келаётгани билан боғлиқ мурожаатлар кўпаймоқда. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, юздаги нуқсонларни бартараф этаман, деб косметолог ҳузурига борган, бироқ тузалиш ўрнига кутилмаган муаммони орттириб олган аёлларнинг ижтимоий тармоқлардаги эътирозли чиқишлари ҳам кузатиляпти.
Таҳлилларга кўра, ҳозир юртимизда 147 та нодавлат тиббиёт ташкилоти тиббий косметология ихтисослиги бўйича фаолият юритиш учун лицензия олган. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич – Тошкент шаҳрида, яъни 94 та.
Улар сафига оддий гўзаллик салонлари ҳамда тиббиёт ташкилоти мақомига эга бўлмаган косметология муассасаларини ҳам қўшиб ҳисобланса, бу миқдор янада ортади.
“Гўзаллик ва саломатлик хизматларини кўрсатувчи бундай муассасаларнинг кўпайиши қувонарли ҳол. Аммо косметология муолажалари — шифокор томонидан ўтказиладиган, лицензияланадиган фаолият тури.
Шунга қарамай, баъзи гўзаллик салонлари, хусусий клиникалар томонидан ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмаган сертификатлар билан бундай хизматларни кўрсатиш ҳолатлари кундан-кунга кўпайиб бораётгани ачинарлидир”, дейилади хабарда.
Ўрганишлар давомида аниқланишича, тиббий косметология ихтисослиги бўйича тиббий хизмат кўрсатиш учун лицензияга эга нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятида юқоридаги келтирилгани сингари нохуш ҳолатлар учрамаган.
Ҳуқуқ-тартибот идораларига келиб тушаётган мурожаатлар асосан лицензия ва дипломсиз фаолият олиб бориш натижасида келиб чиққан асоратлар ҳамда ножўя таъсирларга дахлдордир. Сабаби, лицензиясиз ишлаш — сертификатланмаган маҳсулот ва тиббий анжомларни қўллаш, физиология ҳамда анатомия асосларини билмасликни англатади.
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Улуғбек Сабировнинг айтишича, оддий гўзаллик салонлари ёки тиббиёт ташкилоти ҳисобланмайдиган турли косметология марказларида тегишли маълумотга эга бўлмаган шахслар тиббий косметология билан шуғулланаётгани бу муаммоларнинг бош омили ҳисобланади.
Улар тегишли ҳужжатлар асосида косметология хизматини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳисобдан ўтиб, фаолият олиб бораётган фуқаролардир. Ушбу косметологлар шифокор бўлмаганликлари учун улар фаолиятини назорат қилиш соғлиқни сақлаш органларининг ваколатида эмас.
Шу боис, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тиббий косметологик хизматлар кўрсатиш тартиби тўғридаги Низом ва уни тасдиқлаш ҳақидаги буйруқ ишлаб чиқилган.
Бу ҳужжат асосида давлат тиббиёт муассасалари томонидан алоҳида тиббий косметологик хизматлар кўрсатиш тартиби ҳамда шифокор-косметологларга қўйилган талаблар белгиланган.







