Тошкент вилоятида 3 та ҳибсхона фаолияти тўхтатилди
Ўрганиш давомида улар санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Тошкент вилоятидаги вакили ҳамда жамоатчилик гуруҳлари 2025 йил июнь ойида Қуйичирчиқ ва Чиноз туманлари ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида мониторинг ўтказди. Аниқланган камчиликлар юзасидан Омбудсман Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритган эди.
Маълумотга кўра, мазкур камчиликларни бартараф этиш учун зарур чоралар кўрилди. Хусусан, Қуйичирчиқ тумани ҳибсхонасига вентиляция тизими ва радиоэшиттириш қурилмаси ўрнатилди, камералар керакли жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, сайр қилиш ҳовлиси ҳамда санитария тармоқлари (ҳожатхона ва ювиниш жойлари) таъмирланиб, гигиена талабларига мослаштирилди.
Бундан ташқари, санитария-гигиена талабларига жавоб бермаган Чиноз, Қибрай ва Юқоричирчиқ туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари фаолияти 2025 йил 21 июлда Ички ишлар вазири буйруғи билан тўхтатилди.







