325 дона қадимий буюм контрабандачилардан сақлаб қолинди ва вақтинча Ислом цивилизацияси марказига топширилди
Қадимий бойликларни яшириб олиб чиқишга уринган фуқаро “Келес” темир йўл постида тўхтатилди.

Ўзбекистон ҳудудидан яширинча олиб чиқиб кетилиши режалаштирилган нойоб тарихий бойликлар божхона ходимлари томонидан қўлга олинди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Келес” темир йўл чегара божхона постида “Тошкент–Новосибирск” йўналишидаги йўловчи поезди йўналиши бўйича текширув давомида фуқаронинг қўл юки ва сумкаларидан 325 дона қадимий тангалар, заргарлик буюмлари, артефактлар, гирялар ҳамда камон ўқи учлари аниқланди. Ушбу буюмлар божхона назоратидан яшириб ўтказилмоқчи бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги экспертларининг хулосасига кўра, топилган ашёлар эрамиздан аввалги II–I асрлардан XX асргача бўлган даврни ўз ичига олади. Жумладан, 210 дона танга ўзбек давлатчилиги тарихида шаклланган турли давлатларга оид нойоб коллекция сифатида баҳоланди. Уларнинг умумий қиймати қарийб 400 миллион сўмни ташкил қилади.
Мазкур ҳолат “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги қонун талабларига зид экани сабабли, буюмлар далолатнома асосида давлат музейларига топширилди. Хусусан, 325 дона қадимий буюм вақтинча Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази музейи фондига қабул қилинди.
Давлат божхона хизмати органлари ушбу каби ноқонуний уринишларнинг олдини олиш, халқимизнинг бебаҳо тарихий меросини асраб-авайлаш йўлида мунтазам чоралар кўришда давом этмоқда.








