Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” шеъри асосида комикслар яратилади
Тошкент вилоятида “Рақамли авлод-2025” инклюзив IТ оромгоҳи бўлиб ўтмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида жорий йил 25–30 август кунлари “Рақамли авлод-2025” инклюзив ахборот технологиялари оромгоҳи бўлиб ўтмоқда. Тадбир Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган болалар оромгоҳида ташкил этилди.
Мазкур лойиҳа ахборот технологияларига қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда ижодий салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Бу йилги оромгоҳда иштирокчилар сунъий интеллект, веб дизайн, digital art (комикслар ва миллий контент), DevOps, Dot net, Flutter, Vue js каби йўналишларда машғулотлар олиб боришмоқда. Тажрибали менторлар раҳбарлигида ташкил этилган дарслар ёшларнинг билимини мустаҳкамлаш ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган.
Оромгоҳда нафақат умумтаълим мактаблари ўқувчилари, балки имконияти чекланган ёшлар ҳам қатнашмоқда. Жумладан, ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб ва эшитиш имкониятидан чекланган болалар мактаб-интернатлари ўқувчилари ҳам бу лойиҳа доирасида ўз билим ва қобилиятларини намойиш этишмоқда.
Жорий мавсумда робототехника бўйича Республика мусобақасини ҳам ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, машҳур шоир Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» шеъри асосида комикслар яратилади. Оромгоҳ давомида турли мусобақалар ва давра суҳбатлари ҳам ташкил этилиб, ёшларнинг фикрлаш доираси кенгайтирилади.
Маълумот ўрнида, “Рақамли авлод” лойиҳаси 2019 йилдан бери мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда. Бугунги кунга қадар ушбу лойиҳа доирасида 30 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинган бўлиб, улар ИТ соҳасининг турли йўналишларида билим ва кўникмаларга эга бўлиш имкониятига эга бўлишди.







