Тошкентда тадбиркор ва олимлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Мулоқотда халқаро молия институтлари, илмий марказлар, халқаро ташкилотлар ҳамда 240 нафар мутахассис қатнашди.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари университетида сув хўжалиги соҳасидаги тадбиркорлар билан илмий ва олий таълим муассасаларининг илмий ходимлари томонидан яратилган илмий ишланмалар ва ихтироларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича очиқ мулоқот (учрашув) ўтказилмоқда.
Ушбу тадбир Давлатимиз Раҳбарининг жорий йилнинг 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган V очиқ мулоқоти давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Очиқ мулоқотда Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, халқаро молия ташкилотлари ва сув тежовчи суғориш тизимлари ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқарувчи ва қуривчи корхоналар ҳамда сув хўжалиги ташкилотларидан жами 240 нафар мутахассислар иштирок этмоқда.
Шунингдек, тадбирда халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI), Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг Илмий-ахборот маркази, БМТ тараққиёт дастури (UNDP), Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ваколатхонаси (KOICA) ва бошқа халқаро муассасалар вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Очиқ мулоқот доирасида олий таълим ва илмий ташкилотлар илмий ходимлари томонидан яратилган ишланмалари намойиши ўтказилмоқда.
Жумладан, Тошкент ирригация университети 50 та, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтидан 20 та, "СУВМАШ" АЖ 10 та, сув тежовчи суғориш тизимлари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ва қуривчи корхоналар 50 та ҳамда бошқа муассасалар 50 та ишланмаларини кўргазмага олиб келган.







