Қашқадарёда 12 ёшли қиз бошига темир тиргак тушиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди
Хавфсизлик қоидалари бузилиши оқибатида қурилиши тугалланмаган кўп қаватли уйнинг юқори қаватидан темир тиргак қулаб тушган.

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида 26 август куни фожеали ҳодиса юз берди. "Оқтепа" маҳалласидаги қурилиши тугалланмаган кўп қаватли турар жой мажмуасидан темир тиргак қулаб тушиб, "Орзу" бозори ҳудудида бўлган 12 ёшли қизнинг бошига теккан. Қиз воқеа жойида ҳалок бўлган. Бу ҳақда Zamon.uz га Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Расмий маълумотга кўра, “Саноат Махком” МЧЖга қарашли қурилиш майдонида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари бузилган. Шу сабабли бинонинг 10-қаватидан тушган темир тиргак вояга етмаган М. У. исмли қизнинг бошига тушган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида қизнинг бош миясига қон қуйилиши, бош суягининг парчаланган синишлари, чап ўмров суягининг синиши ва ўпкаларига қон кетиши оқибатида вафот этгани қайд этилган.
Ҳодиса бўйича суд криминалистика ва биология экспертизалари тайинланди, шунингдек, Қашқадарё вилояти Бандлик бошқармасидан мутахассислар жалб этилди. Ҳозирда ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.







