Тошкентда ота 3 фарзанди учун 150 минг доллар алиментни олдиндан тўлади
Учтепалик эркак фарзандлари вояга етгунига қадар тўланадиган алиментни бир йўла тўлаб берди.

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи эркак 3 нафар фарзанди вояга етгунига қадар тўланиши лозим бўлган алимент пулларини бир йўла тўлади. Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Тошкент шаҳар бошқармасининг маълум қилишича, тўлов миқдори қарийб 150 минг АҚШ долларини ташкил этган.
Маълумотларга кўра, суд қарорига биноан, эркак ҳар ой иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисмини алимент сифатида тўлаб бориши керак эди. Бироқ у ижро бўлимига мурожаат қилиб, фарзандларининг вояга етишига қадар тўланадиган жами суммани ҳисоблаб беришни сўраган.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йил 1 июлдан 2040 йил 2 февралга қадар тўланиши лозим бўлган умумий алимент миқдори 1 миллиард 847 миллион 413 минг сўмни ташкил этган. 29 август куни ота ушбу маблағни 150 000 АҚШ доллари кўринишида бир йўла тўлаб, ижро ишини якунлади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Учтепа туманида яна бир ота 2,4 миллиард сўмлик алиментни олдиндан тўлагани хабар қилинган эди. Шунингдек, Нукус шаҳрида бир фуқаро фарзанди учун 2,2 миллиард сўмлик алиментни бир кунда тўлаб, рекорд ўрнатган эди.







