Ўзбекистонда 290 мингга яқин киши ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахс сифатида ҳисобга олинган
Вафот этган ёки узоқ муддатга хорижга чиқиб кетганлар мунтазам равишда рўйхатдан чиқариб борилади.

Ўзбекистонда 290 мингга яқин фуқаро ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар сифатида профилактик рўйхатга олинган. Бу ҳақда 27 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари Раҳимжон Наимов маълум қилди. Унга кўра, тузалиш йўлига кирган, вафот этган ёки узоқ муддатга хорижга чиқиб кетганлар мунтазам равишда рўйхатдан чиқариб борилади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, илгари судланган шахслар, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганлар, махсус тарбиявий муассасалардан қайтганлар ёки жиноят ишлари тугатилган, аммо реабилитация қилинмаган шахслар ҳисобга олинади. Шу билан бирга, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилиши режалаштирилмоқда. Янги лойиҳа қабул қилинса, ҳисоб тоифалари 4 та гуруҳгача қисқартирилади ва рўйхатдаги шахслар сони қарийб 60 фоизга камаяди.
ИИВ вакилининг айтишича, ушбу рўйхат ҳуқуқбузарлик эҳтимоли юқори бўлган фуқароларга юридик, психологик, педагогик ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга қаратилган. “Бу рўйхат уларнинг ҳуқуқларини чекламайди. Аксинча, муаммоларини ўрганиб, маҳаллий мутасаддилар билан биргаликда ижтимоий мослашув дастурлари ишлаб чиқилади”, — деди вазирлик расмийси.








