Бугундан AI-80 бензинини сотиш тўхтатилди
Ички бозор босқичма-босқич AI-92 бензинига ўтказилмоқда.

Ўзбекистонда 2025-йил 2-сентябрдан бошлаб AI-80 русумидаги бензин савдоси тўлиқ тўхтатилди. Бу қарор давлат раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш доирасида, атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт”га ўтиш мақсадида қабул қилинган Фармонига мувофиқ амалга оширилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ маълумотига кўра, эндиликда биржа савдоларига фақат юқори октанли AI-92 маркали бензин чиқарилади. Шу билан бирга, AI-92 бензинининг ҳажми сезиларли даражада оширилган. Илгари 1000 тонна миқдорида таклиф этилган бўлса, бугунги кунда бу рақам 1720 тоннага етказилган. Муассассадилар ички бозор талабидан келиб чиқиб, келгусида бу ҳажмни янада ошириш имконияти мавжудлигини таъкидламоқда.
Август ойида тадбиркорлар томонидан харид қилинган AI-80 бензини эса белгиланган мажбуриятлар ва мавжуд қолдиқлар доирасида сентябрь ойида эгасига етказиб берилиши давом эттирилади.
Мутасассисларнинг қайд этишича, AI-92 бензинининг кенг жорий этилиши автомобиллар учун янада сифатли ва экологик тоза ёқилғи билан таъминлашга хизмат қилади ҳамда мамлакатда экологик барқарорликни таъминлашда муҳим қадам бўлади.







