Парламент назорати остида ташаббусли бюджет тизими кенгайтирилади
2026 йилдан бошлаб ҳар бир депутат сайлов округида ғолиб чиқмаган икки лойиҳани танлаб, уларни бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–264-сон қарори 2025 йил 29 август куни қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ташаббусли бюджет жараёнларини мувофиқлаштириш, лойиҳаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш мақсадида 11 нафар депутатдан иборат парламент комиссияси тузилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб депутатлар ўз сайлов округларида ташаббусли бюджетда ғолиб чиқмаган лойиҳалар ичидан аҳоли турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатадиган ҳамда ҳудудларни ривожлантиришга хизмат қиладиган иккита лойиҳани (ҳар мавсумда биттадан) танлаш имконига эга бўлади. Ушбу танлов “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали амалга оширилади.
Танлаб олинган лойиҳалар республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Шу билан бирга, депутатлар ташаббусли бюджетда ғолиб бўлмаган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили икки мавсумда БҲМнинг 8 минг баравари миқдорида маблағ ажратилиши назарда тутилади.
2026 йил 1 февралдан эса ташаббусли бюджет жараёнларида аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида лойиҳаларни молиялаштириш механизми жорий этилади. Бунга кўра, агар лойиҳанинг 50 фоизи ташаббускор фуқаролар томонидан ихтиёрий маблағ ҳисобидан таъминланса, қолган қисми республика бюджетидан молиялаштирилади.







