Пекинда Ўзбекистон Туризм офиси очилди
Икки давлат ўртасида ҳафтасига 100 дан ортиқ авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

2025 йил 1 сентябрь куни Хитой Халқ Республикасининг пойтахти Пекин шаҳрида Ўзбекистон Туризм офиси ўз фаолиятини бошлади. Ушбу муҳим тадбир олий даражадаги расмий ташриф доирасида ўтказилиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона муносабатлар, стратегик ҳамкорлик ва ўзаро ишончнинг яққол ифодаси бўлди.
Очилиш маросимида Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев, Пекин ташқи маданий савдо ассоциацияси ижрочи директори Чи Лу хоним, шунингдек, Хитойнинг етакчи туристик компаниялари вакиллари иштирок этишди. Тадбир давомида сўзга чиққанлар янги офис икки давлат ўртасидаги туризм алоқаларини ривожлантиришда муҳим платформага айланишини таъкидладилар. Шунингдек, у Хитой компанияларига Ўзбекистон туризм бозорига киришда кўмаклашиб, хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар очиши қайд этилди.
Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. 2025 йил 1 июндан кучга кирган 30 кунлик визасиз режим, ҳафтасига 50 дан ортиқ авиақатновларнинг йўлга қўйилгани бунга яққол мисолдир. Яқин йилларда бу кўрсаткични 100 рейсгача ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, 2025 йил “Хитойда Ўзбекистон туризм йили” сифатида эълон қилиниб, мамлакатимиз делегациялари Хитойнинг йирик шаҳарларида тарғибот тадбирларини фаол ўтказиб келмоқда.
Ўзбекистон 2030 йилга бориб Хитойдан мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини 3 миллион нафарга етказишни мақсад қилган. Пекинда очилган Туризм офиси ушбу улкан мақсад сари ташланган муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистоннинг Хитой бозорида янада фаол ва очиқ иштирокини таъминлайди. Маросим якунида Ўзбекистон вакиллари барча иштирокчиларни мамлакатимиз гўшалари билан яқиндан танишишга таклиф қилди.







