Шавкат Мирзиёев мактаб ўқувчилари ва устозларни янги ўқув йили билан табриклади
Давлатимиз раҳбари илк бор мактабга қадам қўяётган 720 мингдан ортиқ ўғил-қизларни алоҳида муборакбод этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиздаги барча ўқувчилар, устоз ва мураббийлар, шунингдек, ота-оналарни Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги билан ҳамоҳанг тарзда нишонланаётган “Билимлар куни” ҳамда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан самимий табриклади.
Давлат раҳбари илк бор мактаб остонасига қадам қўяётган 720 мингдан ортиқ ўғил-қизларимизни алоҳида муборакбод этди ва уларга энг эзгу тилакларини билдирди.
Президент таъкидлашича, сўнгги йилларда мамлакатимиз мактабларининг қиёфаси тубдан янгиланиб, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда, янги ўқув масканлари барпо этилмоқда. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мактаблар жамият ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб бормоқда.
Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатида таълим жараёнида устоз-мураббийлар фидойилиги ва ўқувчи-йошларнинг изланиши юксак натижалар бераётганини қайд этиб, мактабни “мўъжиза ва бебаҳо хазина” дея таърифлади. Давлат раҳбари азму шижоат билан илм олиш, мақсад сари интилиш ёш авлодни албатта ютуқ ва зафарларга етлишини таъкидлади.







