“Эшикларингизни очинг” – университет ректори талабалар учун мурожаат қилди
Шерзодхон Қудратхўжа Тошкент аҳолиси номига мурожаат қилиб, ётоқхонасиз қолган вилоят талабаларига ёрдам беришга чақирди.

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа пойтахт аҳолиси номига мурожаат қилиб, ётоқхона масаласи сабабли тураржойсиз қолаётган вилоятлик талабаларга ёрдам қўлини чўзишга чорлаган.
Ректорнинг таъкидлашича, Тошкентдаги олий таълим муассасаларининг барчаси ҳам талабаларнинг уй-жой билан таъминланиши масаласини тўлиқ ҳал қила олмайди. Шу боис, бу муаммо йил сайин долзарблигича қолмоқда.
“Ҳурматли юртдошлар, агар уйингизда бўш хона ёки имкониятларингиз бўлса, ётоқхонасиз қолган талабаларни қабул қилинг. Улар билан бирга хонадонингизга илм ва маърифат киради”, — дея таъкидлайди Шерзодхон Қудратхўжа ўзининг расмий мурожаатида.
Унинг қайд этишича, ўзи ҳам талабалик йилларида қийинчиликка дуч келган ва ҳозирда икки нафар бошпанасиз талабани шахсан ўз уйида жойлаштирган.
Ректор мурожаатида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва ёшларни қўллаб-қувватлашни жамият тараққиёти учун энг муҳим қадрият сифатида кўрсатди.







