Тошкентда туризм кўчалари учун махсус тунги автобуслар қатнови йўлга қўйилади
Дастлабки босқичда автобуслар ҳар ярим соатда, 15 та йўналишда ишга туширилади.

Тошкент шаҳрида туризм кўчаларини боғлайдиган махсус тунги автобус йўналишлари ташкил этилади. Пойтахт ҳокимлиги қабул қилган қарорга кўра, автобуслар тунги соат 22:00 дан эрталаб 06:00 гача ҳаракатланиб, аэропортлар, темирйўл вокзаллари, метро бекатлари, савдо ва кўнгилочар марказлар, йирик деҳқон бозорлар, талабалар ётоқхоналари ва шифохоналарни қамраб олади.
Янги йўналишлардаги автобуслар замонавий талаблар асосида жиҳозланади. Ҳар бир автобус кондиционер, бепул Wi-Fi, видеокузатув тизими билан таъминланади ва имконияти чекланган йўловчилар учун мослаштирилади. Йўлкира нархи эса шаҳар ичидаги одатий автобус йўналишларидаги тариф билан бир хил бўлади.
Пойтахт Транспорт бошқармаси вакили Оллоёр Норбутаевнинг маълум қилишича, дастлаб икки босқичда 15 та йўналиш ишга туширилади. Автобуслар ҳар ярим соатда қатнайди. Шунингдек, махсус автобуслар қизил рангга бўялади ва йўналиш рақамлари “T1”, “T2” каби “Тунги автобус” белгиси билан ажратилади.
Ҳокимлик ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа бўйича жами 54 та автобус йўловчиларга хизмат кўрсатади. Дастлабки йилларда ушбу тизимдан тушадиган даромадлар қопланмасада, тахминан 33 миллиард сўмлик харажат маҳаллий бюджетдан қопланади.







