Қашқадарё ва Самарқандда ДХХга ишга киритиб қўймоқчи бўлганлар ушланди
Икки вилоятда ўзини махсус хизмат ходими сифатида таништирган шахслар катта миқдорда пул олаётган вақтда қўлга олинган.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган шахс ўзини Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходими сифатида таништириб, фуқарони ишга жойлаштиришни ваъда қилган.
Маълум бўлишича, у 1997 йилда туғилган йигитни “махсус хизматларга ишга киритиб қўяман” деб ваъда берган ва 2024 йил сентябридан 2025 йил июнигача бўлган вақт ичида ундан жами 30 минг АҚШ доллари ва 510 миллион сўм пул олган. Шунингдек, унинг қариндошини Қуролли Кучлар академиясига ўқишга жойлаштириш эвазига 10 минг доллар талаб қилиб, шундан 4 минг долларни қўлга киритган.
ДХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фирибгар яна 2 минг доллар олаётганида қўлга олинган. Унга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида эса 1961 йилда туғилган шахс бошқа бир фуқарони ДХХ идораларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, 7 минг доллар олаётганида қўлга тушган. Унга ҳам жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







