Китоб ўқиганларнинг жазосини 30 кунгача камайтирувчи қонун тасдиқланди
Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар бу ҳуқуқдан фойдалана олмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида маҳкумларнинг жазони ўтаб чиқиш жараёнини юмшатишга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Қонун лойиҳасига кўра, қамоқ муддатини қисқартиришнинг янги механизми жорий этилмоқда. Эндиликда маҳкум тасдиқланган рўйхатдаги китобларни ўқиб, улар бўйича имтиҳондан муваффақиятли ўтса, унинг жазоси ҳар бир китоб учун уч суткага қисқартирилиши мумкин. Шу билан бирга, умумий имтиёз йилига 30 кундан ошмаслиги белгиланди.
Китоблар рўйхати Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан шакллантирилади. Ушбу қоида фақат шартли равишда муддатидан олдин озодликка чиқиш ҳуқуқига эга бўлган маҳкумларга татбиқ этилади. Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар эса ушбу имтиёздан фойдалана олмайди.
Мазкур қонун Президент томонидан имзоланганидан сўнг кучга киради. Ўзгаришлар амалда қўлланилгач, улар 13,5 мингдан ортиқ маҳкумнинг ҳуқуқий мақомига таъсир этиши кутилмоқда.
Сенаторлар қайд этишича, мазкур механизм нафақат маҳкумларнинг ижтимоий-ахлоқий савиясини ошириш, балки уларни жамиятга қайта интеграция қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.







