Наманганда фуқаро қийноққа солиниши ортидан инспектор ишдан олинди
Жабрланувчи оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

Наманган шаҳрида ички ишлар ходимлари томонидан фуқаро қийноққа солингани ҳолати бўйича Омбудсман текширув ўтказди. Натижада Чуст тумани ИИБ профилактика инспектори майор Д.Б. хизмат интизомини қўпол бузганлик ва вазифасига беписандлик билан ёндашгани учун лавозимидан озод қилинди.
Абдураҳмон Ташановнинг маълумотига кўра, 14 август куни 31 ёшли Абдулаҳад Ўрманов ички ишлар ходимлари томонидан икки кун давомида қийноққа солинган. Жабрланувчи оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган, адвокати эса унинг қўл ва танасидаги жароҳатлар акс этган фотосуратларни тақдим қилган.
Жабрланувчи "Газета.уз"га берган интервьюсида 3–4 нафар ходим уни ичкарига олиб кириб, бетон полга ташлагани, дубинка ва электрошок билан қийнагани, навбатма-навбат кўтариб полга урганини айтган. Онасининг сўзларига кўра, у бир кунда ногирон бўлиб қолган — қовурғалари цинган, ички аъзоларига жиддий шикаст етган, қора талоғи олиб ташланган.
Наманган вилояти ИИБ расмий баёнотида фуқаро дастлаб оилавий низодан сўнг профилактик суҳбат учун олиб келингани ва ўша куни уйига рухсат берилгани билдирилган. Аммо икки кундан кейин унинг соғлиги кескин ёмонлашган. Воқеа Омбудсман назоратига олинган.







