Наманганда фуқарога нисбатан зўравонлик қилган инспектор ишдан бўшатилди
ИИВ Наманганда фуқаронинг қийноққа солингани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Ички ишлар вазирлиги Наманганда фуқарога нисбатан зўравонлик қўлланилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Расмий маълумотга кўра, 14 август куни Наманган шаҳрида яшовчи 34 ёшли О.А. оилавий келишмовчилик сабаб ички ишлар бўлимига олиб келинган. У билан профилактик суҳбат ўтказилиб, ўша куни уйига жавоб берилган.
Бироқ икки кундан кейин, 16 август куни фуқаронинг соғлиғи ёмонлашгани боис у тиббий муассасага мурожаат қилган. Ушбу ҳолат Омбудсман вакиллари томонидан ҳам ўрганилиб, Наманган вилояти ИИБ ҳамда шаҳар прокуратурасига тақдимнома киритилган.
Текширувлар давомида Чуст туман ИИБ профилактика инспектори, майор Д.Б. хизмат вазифаларини лоқайдлик билан бажаргани, хизмат этикаси қоидаларини қўпол бузганлиги аниқланиб, у эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Ҳозирда О.А.га етказилган тан жароҳатлари юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ишлари олиб борилмоқда.







