Россия-Украина урушида қатнашган 25 ёшли ўзбекистонликка ҳукм ўқилди
Суд ҳужжатларида айтилишича, фуқаро Россияда мажбурлов йўли билан армияга жалб этилиб, фронтга юборилган.

Навоий вилоятида яшовчи 25 ёшли фуқаро хорижий давлат армияси сафига уруш ҳаракатларида қатнашгани учун суд ҳукми билан жазога тортилди.
Суд материалларига кўра, 2000 йилда туғилган мазкур шахс 2023 йилда ишлаш учун Россияга борган. Кейинчалик у турли босим ва мажбурловлар остида Россия армияси билан шартнома имзолашга мажбур бўлиб, Украина ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда қатнашган.
Фуқаро фронтда жароҳат олиб, даволанганидан сўнг Ўзбекистонга қайтган. Лекин қайтганидан кейин унинг хорижий давлатдаги ҳарбий ҳаракатларда иштироки аниқланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Навоий вилояти суди мазкур шахсни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми бўйича айбли деб топиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Мутасаддилар қайд этишича, охирги йилларда бундай ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Украина ҳам Россия сафида ўзбек фуқаролари сони юқори экани ҳақида бир неча бор баёнот берган.







