Сурхондарёда она ва 5 ойлик чақалоқ зўравонлик қурбони бўлди
Узун туманида она ва бола мажбуран молхонада ушлаб турилгани аниқланди.

Сурхондарё вилояти Узун туманида аёл ва унинг фарзандига нисбатан зўравонлик содир этилгани аниқланиб, масъуллар томонидан зудлик билан чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 26 август куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга номаълум аёл ҳамда унинг 5 ойлик фарзанди маҳаллий фуқаролар томонидан молхонада мажбурлаб ушлаб турилгани ҳақида хабар келиб тушган. Маҳалла профилактика инспектори тезкорлик билан воқеа жойига етиб бориб, қаршиликларга қарамай, молхона эшигини очган ва жабрланувчилар қутқарилган.
Аниқланишича, 1981 йилда туғилган фуқаро Ш.А. ўзининг норасмий турмуш ўртоғи – 1997 йилда туғилган Ҳ.Г. исмли аёл ва унинг гўдак фарзандини бир неча ой давомида мажбурлаб молхонада ушлаб келган. Бу жараёнда яқин қариндошлари ҳам унга кўмаклашган.
Жабрланган она ва чақалоқ дарҳол тиббиёт муассасаларига жойлаштирилиб, уларнинг соғлиғи шифокорлар ва ижтимоий ҳимоя хизмати мутахассислари назоратига олинди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 126¹-моддаси 7-қисми “а” ва “е” бандлари асосида жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи Ш.А. ҳамда унга алоқадор уч нафар қариндош суднинг санкцияси билан қамоққа олинди.
Мазкур жиноят иши Сурхондарё вилояти ИИБ томонидан қатъий назоратга олинган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.







