Янги Тошкент халқаро аэропорти учун 1310 гектар ер ажратилди
Янги аэропорт амалдаги аэропортдан 17 км жанубда жойлашиб, йилига 20 млн йўловчига хизмат кўрсатади.

Тошкент вилоятида барпо этилиши режалаштирилган Янги Тошкент халқаро аэропорти учун қарийб 1310 гектар ер майдони ажратилди. Бу ҳақда Кадастр агентлиги вилояти бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, ажратилган ҳудудларнинг 1075 гектардан ортиғи суғориладиган ерлардан иборат бўлиб, қолган қисмини боғ, яйлов ҳамда бошқа турдаги майдонлар ташкил этади. Жумладан, Ўртачирчиқ туманида 790 гектардан ортиқ, Қуйичирчиқда эса 519 гектар ер мазкур лойиҳа учун белгиланган.
Янги аэропорт Тошкент шаҳридаги амалдаги халқаро аэропортдан тахминан 17 километр жанубда жойлашади. Қурилишнинг биринчи босқичи якунлангач, йилига 20 миллионгача йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Лойиҳага кўра, соатига 40 та самолёт қабул қилиш имконияти бўлади ва аэропорт бир вақтнинг ўзида 169 та ҳаво кемасини сиғдира олади.
Терминал инфратузилмаси доирасида дастлаб 14 та телетрап бўлиши режалаштирилган, кейинчалик уларнинг сони 45 тага етказилади. Йўловчилар учун барча асосий хизматлар бевосита терминал ичида қулай тарзда тақдим этилади.
Мазкур лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Лойиҳа қиймати ва жалб қилинадиган инвесторлар тўғрисида батафсил маълумот кейинчалик эълон қилиниши кутилмоқда.







