Божхона институтида курсантлар юртга содиқлик қасамёдини қабул қилди
Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари курсант унвонига сазовор бўлган ёшларни самимий табриклади.

Божхона институтида биринчи курс курсантлари учун муҳим ва ҳаяжонли лаҳза — “Ватанга қасамёд” тантанали маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Божхона қўмитаси раҳбарияти, Қуролли Кучлар ва божхона органлари фахрийлари, курсантларнинг ота-оналари, санъаткорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Маросимни Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ғ. Насиров очиб, ёшлар Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этаётган авлод эканлигини таъкидлади. У, шунингдек, шаффоф тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, курсант унвонига сазовор бўлган ёшларни самимий табриклаб, давлатимиз раҳбарининг ёшларга оид сиёсати натижаларини алоҳида эътироф этди.
Сўнг курсантлар Ватанга, халққа ва Конституцияга содиқ қолишга, мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида фидойилик билан хизмат қилишга қасамёд қилдилар. Тадбирда сўзга чиққанлар Ватанни севиш, юрт тинчлиги учун хизмат қилиш ва билимга интилишнинг аҳамиятини қайд этиб, ёшларга келгуси фаолиятларида зафарлар тиладилар.
Маросим саф майдонида курсантларнинг тантанали юриши билан якунланди. Шундан кейин Божхона институти “Маънавият ва ёшлар тарбияси” маркази ашула ва рақс ансамбли концерт дастурини намойиш этди.







