CAFA Nations Cup-2025: Ўзбекистон МТЖ 13 йиллик танаффусдан сўнг Эронни мағлуб этиб, турнир ғолибига айланди
Оғир ўтган беллашув тақдирини ягона гол ҳал қилди.

Тошкент ва Дўшанбада ўтказилган “CAFA Nations Cup-2025” турнирининг финалида Ўзбекистон миллий жамоаси Эрон билан куч синашди. Учрашув кескин курашларга бой бўлиб, икки томон ҳам ғалаба учун сўнгги дақиқагача ҳаракат қилди.
Асосий вақт 0:0 ҳисоби билан якунланди. Қўшимча бўлимларнинг сўнгги дақиқаларида Хожиакбар Алижоновнинг зарбаси голга айланиши натижасида ўзбекистонлик футболчилар ҳисобни очди. Шу тариқа учрашув 1:0 ҳисоби билан якунланди.
Мазкур ғалаба Ўзбекистон миллий жамоаси учун муҳим тарихий натижа бўлди. Чунки жамоа 13 йиллик танаффусдан сўнг Эронни расмий турнирда мағлуб этишга эришди.
Натижада Ўзбекистон турнирнинг чемпиони бўлди. Амир Ғаленой бошчилигидаги Эрон терма жамоаси эса иккинчи ўрин билан кифояланди. Финал Тошкентдаги “Олимпия” стадионида бўлиб ўтди ва CAFA мусобақаси ўз якунига етди.







