Эндиликда алкоголга қарам ҳайдовчилар ва йўл безорилари махсус назорат остида бўлади
Янги тартиб такрор ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва йўл хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Сенат йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича муҳим ташаббусни маъқуллади. Эндиликда маст ҳолда транспорт бошқарган ёки йўлда безорилик қилганлиги сабабли суд қарори билан ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар профилактик назорат остига олинади.
Қонун билан ушбу тоифа фуқаролар “профилактик ҳисоб”га киритилиб, инспекторлар томонидан мунтазам кузатувга олиниши белгиланди. Мазкур механизм қайта-қайта ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларга масъулиятини эслатиб туриш ҳамда зарур ҳолларда уларни суҳбатларга чақириш ёки яшаш жойида мониторинг ўтказишни назарда тутади.
Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган қарийб 11 минг фуқаро томонидан 23 мингдан ортиқ қоида бузилиши қайд этилган. Улардан мингдан зиёди ЙТҲ содир этган бўлиб, натижада 300 га яқин инсон вафот этган, қарийб 900 киши турли жароҳатлар олган.
Янги тартиб профилактика инспекторларига йўл ҳаракати полицияси билан ҳамкорликда бундай шахсларни кузатиш, уларнинг ноқонуний равишда яна рулга ўтирмаслигини таъминлаш имконини беради. Ушбу ёндашув йўлларда хавфсизликни ошириш ва фожиали оқибатларнинг олдини олишга хизмат қилади.







