Октябрь ойидан “чиройли” авторақамларни биржа орқали сотиш тўхтатилади
Эндиликда ҳайдовчилар хоҳлаган ҳарф ва рақам комбинациясини ягона электрон тизим орқали олишлари мумкин бўлади.

Ҳукумат қарорига кўра, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” орқали "чиройли" авторақамларни сотиш аукционлари тўхтатилади.
Янги тартибга кўра, 1–3 тоифадаги рақамлар "Ўзавтомотобелги" корхонаси томонидан белгиланган ягона оширилган тариф асосида сотилади. 4–6 тоифадаги рақамлар эса амалдаги тартибда, қўшимча тўловсиз берилади. 2026 йил 1 январдан бошлаб биржа орқали аукцион ўтказиш ва талаб юқори комбинацияларни оширилган тарифда бериш тартиби бутунлай бекор қилинади.
Шундан сўнг фуқаролар ўзлари хоҳлаган ҳарф ва рақам комбинациясига эга давлат рақам белгиларини ягона электрон мурожаат орқали олишлари мумкин бўлади. Шу мақсадда очиқ маълумотлар базаси ишга туширилади. Унга ЙҲХХ мобил иловаси, расмий сайт, давлат хизматлари портали ва инфокиоскалар орқали кириш имконияти яратилади.
Маълум қилинишича, барча рақам белгиларининг маълумотлари ҳудудий кодлар бўйича ягона базага жойлаштирилади. Келгусида эса «обрўли» комбинациялар фақатгина ҳудудий код бўйича 90 фоиз рақамлар банд бўлганда мавжуд бўлади.







