Шахсни тасвирга олиш энди фақат розилик билан амалга оширилади
Қонун лойиҳасига кўра, 16 ёшгача бўлганлар учун рухсат ота-она томонидан берилади.

Ўзбекистон депутатлари шахсларнинг тасвир ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Унда тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш тартиблари аниқ белгилаб қўйилиши назарда тутилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, шахсни тасвирга тушириш ёки унинг суратидан фойдаланиш учун албатта розилик олиниши шарт бўлади. Агар фуқаро муомалага лаёқатсиз бўлса, бу розиликни унинг қонуний вакили, вафот этган тақдирда эса меросхўрлари беради.
Болалар мустақил ҳуқуқ субъекти сифатида тан олинади. Хусусан, 16 ёшгача бўлганлар учун рухсат ота-она томонидан берилса, 16 ёшдан кейин бола ўзи мустақил қарор қабул қилади.
Шунингдек, видеокузатув тизимлари ўрнатиладиган жойларда фуқароларни хабардор қилиш мақсадида огоҳлантирувчи белгилар мажбурий равишда жойлаштирилиши кўзда тутилган. Ушбу ташаббус шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқий ҳимояни кучайтиришга хизмат қилади.







