Шота Руставели кўчаси реконструкциясидан сўнг йўловчи ташиш ҳажми икки баробар ошади
Транспорт вазирлиги автобуслар жадвалини оптималлаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш чораларини белгиламоқда.

Транспорт вазирлиги Шота Руставели кўчасида олиб борилаётган кенг кўламли реконструкция ишлари бўйича дастлабки натижаларни эълон қилди. Мутаҳассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа якунлангач, йўловчи ташиш ҳажми кунига қарийб 300 минг кишига етади, транспорт ҳаракати эса сезиларли даражада қулайлашади.
Янги тизим доирасида автобус йўналишлари сони 40 фоизга ошиб, кунига 2 мингдан 2,8 минг мартабагача етказилиши кўзда тутилган. Бу эса йўловчилар оқимининг икки баробарга кўпайишига замин яратади.
Реконструкция натижасида:
ўртача саёҳат вақти 25 дақиқадан 18 дақиқагача қисқаради;
автобус тезлиги 18,5 км/соатдан 23,6 км/соатгача ошади;
ҳаракат интервали 7 дақиқа атрофида бўлади.
Шунингдек, кўчада 11 та янги бекат, 500 га яқин автотураргоҳ, велосипед йўлаклари, 21 та пиёда ва велойўлак ўтиш жойлари барпо этилади. 10 та ҳаракат йўлагининг 6 таси автомобиллар, 2 таси автобуслар, қолган 2 таси эса тўхташ жойлари учун мўлжалланади.
Транспорт вазирлиги маълум қилишича, реконструкция якунлангач, автобуслар ҳаракат жадвали қайта оптималлаштирилади, тирбандликларнинг олдини олиш ва йўловчилар учун хавфсиз ҳамда қулай транспорт хизматларини таъминлаш бўйича аниқ чоралар амалга оширилади.







