Тошкентда фуқаронинг картасидан 19 млн сўм ўғирланди
Гумонланувчи қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши очилди.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати пойтахтда содир бўлган ўғирлик жинояти юзасидан маълумот берди.
Аризачининг маълум қилишича, унинг банк картасидан жами 19 миллион сўм маблағ ноқонуний равишда ечиб олинган. Мазкур мурожаат асосида ички ишлар органлари томонидан тезкор-суруштирув ишлари олиб борилиб, гумонланувчи аниқланиб қўлга олинди. У Чилонзор туманида яшовчи Мурод исмли фуқаро экани маълум бўлди.
Ҳозирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Ўғирлик” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур модданинг учинчи қисмида белгиланганидек, бундай жиноят учун 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар гумонланувчининг бошқа жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш мақсадида тергов-тезкор тадбирларни давом эттирмоқда.







