Боғчаларни ишга тушириш бўйича вилоят ва туманлар ҳокимларига 1 ноябргача муҳлат берилди
Шунингдек, икки йил ичида боғча ва мактаблар ўрни 3 баробар ошган Қашқадарё тажрибасини барча ҳокимларга ўрганиш топширилди.

Жорий йил бошидан бошлаб мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш ва болалар учун қулай шароитлар яратиш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди. Президент видеоселектор йиғилишида боғча ўринларини кўпайтириш, мавжуд боғчаларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда хусусий сектор ва хорижий ҳамкорлик орқали янги имкониятлар яратиш масалалари алоҳида таъкидланди.
Жорий йилда боғча ўринларини қўшимча 182 мингтага кўпайтириш режалаштирилган. Уларнинг 82 минги янги боғчалар ҳиссасига тўғри келади.
Туманлар ҳокимлари қолган ўринлар нима ҳисобидан яратилишини ўйламаётгани танқид қилинди.
Мисол учун, 118 та боғчадаги 255 та хона таъмирга муҳтож бўлгани учун бўш турибди. Ёки жойларда 8 та боғчани қуриш ва таъмирлаш 2-3 йилдан бери чўзилмоқда.
Чимбой, Ғаллаорол, Қизириқ, Бойсундаги 1 тадан боғча ҳали таъмирдан чиқмаган. Деҳқонобод, Сариосиё, Бўстонлиқ, Нурафшонда 1 тадан янги боғча қурилиши якунланмаган.
Вилоят ва туманлар ҳокимларига 118 та боғчадаги хоналарни таъмирлаб жиҳозлашга, яна 8 та боғчани тўлиқ ишга туширишга 1 ноябргача муҳлат берилди, акс ҳолда тегишли чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда 80 та туманда боғча очиш учун имтиёзлар эълон қилинди.
Ушбу механизмдан унумли фойдаланиб, боғча ўринларини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Қашқадарёнинг барча туманларида хусусий сектор ва чет эллик ҳамкорлар билан икки йил ичида боғча ва мактаб ўрни 3 баробар ошган. Вилоят ҳокимларига бу тажрибани ўрганиш топширилди.
Умуман, ҳар бир туманда боғча қамрови 80 фоиздан кам бўлмаслиги шартлиги белгиланди. Бунинг учун вилоят ва туман ҳокимлари олдига бўш ерларни топиб, аукционга чиқариш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда қайси мактаб ва боғчада бўш жой бўлса, боғча қуриш режасини белгилаш вазифаси қўйилди.
Мутасаддиларга бўш ерларда боғча ташкил этиш бўйича хусусий шериклик ёки сармоя киритиш шарти билан уч йиллик дастур қабул қилиш, янги хусусий боғчаларга субсидия бериш, тарбиячилар маошини қисман қоплаш тартибини жорий қилиш топширилди.







