Ўзбекистонда боғча тарбиячилари учун "1+5" бакалавр таълим шакли жорий қилинади
Ҳар йили 10 мингдан ортиқ олий маълумотли тарбиячи боғчаларга кириб келади, сифатли таълим учун “Янги авлод” боғчалари яратилади.

Жорий йил бошидан бошлаб мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш ва болалар учун қулай шароитлар яратиш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни видеоселектор йиғилишида ёз мавсумида 118 минг тарбиячининг малакаси оширилганини қайд этди, бироқ бу етарли эмаслигини таъкидлади. “Қамровни ошириш учун барча шароит қилиб беряпмиз, лекин боғчаларга янги нафас, янги методика кириб бориши, тарбиячиларнинг салоҳияти ҳам шунга яраша бўлиши керак,” деди президент.
Шу боис, янги ўқув йилидан педагогика олийгоҳларида ўрта махсус маълумотли тарбиячилар учун «1+5» (1 кун ўқиш, 5 кун иш) бакалавр таълим шакли жорий қилинади. Бу орқали боғчаларга ҳар йили қарийб 10 минг олий маълумотли мутахассис кириб келиши кутилмоқда.
Шунингдек, хусусий боғча билан давлат боғчаси учун таълим-тарбия сифати бўйича ягона ёндашув йўқлиги кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан келгуси йилда ҳар бир вилоятда боғча тарбиячилари педагогик маҳоратини оширишга методик кўмаклашувчи таянч “Янги авлод” боғчалари барпо қилинади.
Мутасаддиларга “Янги авлод” боғчаси лойиҳасини эски ва бир хил ёндашувлардан чекиниб, янгича ишлаб чиқиш топширилди. Бу орқали боғчаларда таълим сифати ошиши ва тарбиячилар салоҳияти янада кучайиши мақсад қилинмоқда.







