Вазирлик билан салкам бир ой судлашган ўқитувчилар ютқазди
Суд жараёнида уларнинг даъволари асосиз деб топилди.

Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларининг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш мажбуриятини юклаш, маънавий зиён ва вакил харажатларини ундириш бўйича жорий йил 12 августда бошланган суд жараёни 8 сентябрь куни якунланди. Бу ҳақида Халқтаълиминфо канали хабар бермоқда.
Қайд этилишича, мазкур суд иши 4 та суд мажлисида муҳокама қилинган. Суд аттестация натижаларидан норози бўлган она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларининг даъво аризасини асоссиз деб топиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги фойдасига қарор чиқарган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 15 апрелдан 14 майгача педагог ходимлар учун аттестация тест синовлари бўлиб ўтганди. Мазкур малака тест синовларида иштирок этиш учун 190 мингга яқин педагоглар онлайн ариза топширган бўлиб, уларнинг 177 минг 640 нафари ёки умумий аризачиларнинг 95 фоизи жараёнларда қатнашган.
Умумий ҳисобда 73 мингдан зиёд педагоглар ижобий натижа кўрсатган. Аммо 104 мингга яқин (58.9%) педагоглар аттестациядан ўтолмаган.







