Ўзбек шоирининг китоби Туркияда нашр этилди
Китоб тақдимоти Коня шаҳрида ўтган халқаро анжуман доирасида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Шуҳрат Орифнинг “Mavi erk” (“Мовий эрк”) номли шеърий тўплами Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган Edebiyat Ortamı Yayınları нашриёти томонидан чоп этилди.
Мазкур асар Коняда ўтказилган “Мавлоно маънавий мероси: XIV Халқаро шеърият анжумани” доирасида тақдимот қилинди. Тўпламга ижодкорнинг турли даврларда яратган шеърлари жамланган бўлиб, уларни турк тилига шоир ва туркшунос олим Мухиттин Гумуш таржима қилган.
Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Ориф яқинда Туркий маданият халқаро ташкилоти — TURKSOY медали билан тақдирланган эди. У, шунингдек, TURKSOY Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳисобланади. Шоирнинг асарлари инглиз, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман, уйғур ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган.







