Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Зангазур йўлаги орқали ўтадиган мультимодал йўналишларнинг истиқболларини баҳолади
Янги мультимодал йўналишлар Ўзбекистонни Туркия ва Европа бозорларига бевосита олиб чиқиши кутилмоқда.

Марказий Осиё учун Зангазур йўлаги Каспий денгизи ва Жанубий Кавказ мамлакатлари портлари орқали Туркияга янги логистика йўналишини очади. Келажакда бу минтақавий савдо географиясини сезиларли даражада кенгайтириб, Европа бозорларига бевосита чиқиш имконини беради.
Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг манбаси хабар берди.
“Сўнгги йилларда Ўзбекистон бутун Евроосиё маконини қамраб олувчи янги қуруқлик ва мультимодал транспорт йўлакларини яратиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича фаол амалий қадамлар ташламоқда”, - дея таъкидланади манбада.
Манбага кўра, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон ва Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темир йўлларини қуриш истиқболли йўналишлар бўлади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш замонавий мультимодал йўналишлар маршрутларини шакллантириш имконини беради ва улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
• Шарқ-Ғарб: Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманбоши (Туркманистон) / Оқтов (Қозоғистон) – Боку – Зангазур йўлаги – Нахчивон – Туркия – Европа;
• Жануб-Ғарб: Ҳинд океани портлари (Гвадар/Карачи) – Покистон – Афғонистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Каспий денгизи портлари – Озарбайжон – Зангазур йўлаги – Туркия – Европа.
Тахминан 40–44 км узунликдаги Зангазур йўлаги лойиҳаси, биринчи навбатда, Арманистоннинг Сюник (Мегри) вилояти орқали Озарбайжоннинг асосий қисми ва унинг анклави – Нахчивон Мухтор Республикаси ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлашга қаратилган. Лойиҳанинг асосий мақсади Озарбайжоннинг Нахчивон билан транспорт алоқасини учинчи давлатлар ҳудудига кирмасдан соддалаштиришдан иборат бўлиб, бу минтақа логистика занжирларининг самарадорлиги ва ишончлилигини оширади.







