Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш режалаштирилмоқда
Пенсия жамғармаси ижрочи директорига кўра, пенсия ёшини ошириш босқичма-босқич амалга оширилади.

Ўзбекистонда пенсия ислоҳоти ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Атаджановнинг маълум қилишича, эркаклар учун пенсия ёшини 63 ёшга, аёллар учун эса 58 ёшгача ошириш таклиф қилинмоқда.
Унинг сўзларига кўра, пенсия ёшини ошириш босқичма-босқич амалга оширилади — ҳар йили ярим йилдан қўшиб борилади.
Шу билан бирга, амалдорнинг таъкидлашича, пенсия ёшини ошириш бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаган. Аввал бу масала жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, аҳолининг таклифлари ўрганилади.







