Тошкент вилоятида “бола ўғирлаш” ҳақидаги хабарлар асоссиз экани аниқланди
Ҳодиса бўйича бола ўзи яқинларидан чўчиб нотўғри маълумот бергани маълум бўлди.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида тарқалган “бола ўғирлаш” ҳақидаги видео ва хабарлар асоссиз экани аниқланди.
Аниқланишича, 2012 йилда туғилган вояга етмаган Э.Ҳ. 9 сентябр куни яқинларига айтмасдан бошқа маҳаллада яшовчи дўстининг уйига борган. Орадан вақт ўтиб қариндошлари уни топгач, ноқулай вазиятдан чиқиш учун у “мени ўғирлаб кетишмоқчи бўлишди”, деган. Ушбу гапни эшитган яқинлари эса ички ишлар органларига мурожаат қилган.
Туман ички ишлар бўлими томонидан зудлик билан олиб борилган ўрганиш натижасида ҳудудда ҳеч қандай бола ўғирлаш ҳолати қайд этилмагани, вояга етмаган шахс эса ёлғон гапирганлиги маълум бўлди.
Профилактика чораси сифатида бола ва унинг қариндошлари билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Улaрга бундай ҳаракатларнинг жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши ҳақида маълумот берилди.







