Афғонистондан олиб ўтилган вертолётлар Қобулга қайтарилади
Маълум бўлишича, 2021-йилда Афғонистон ҳарбийлари 46 та ҳаво кемасини Ўзбекистонга, 18 тасини Тожикистонга олиб ўтган.

Афғонистоннинг собиқ ҳукумати даврида АҚШ маблағига харид қилинган ва 2021-йилда “Толибон” ҳокимиятни эгаллаганида Ўзбекистонга олиб ўтилган вертолётлар ортга қайтарилиши мумкин. Бу ҳақда Afghanistan International нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, собиқ афғон армиясига тегишли 57 та вертолёт қайтарилиши режалаштирилган. Маълум бўлишича, 2021-йилда Афғонистон ҳарбийлари 46 та ҳаво кемасини Ўзбекистонга, 18 тасини Тожикистонга олиб ўтган. Улар орасида Mi-17 ва UH-60 вертолётлари, шунингдек PC-12, C-208, AC-208 ҳамда A-29 русумидаги самолётлар бўлган.
“Толибон” ҳар икки давлатдан мазкур техникаларни қайтаришни бир неча бор талаб қилган. 2024-йилда АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник бу ҳаво кемалари Ўзбекистонда қолишини маълум қилганди. Ўша йили АҚШнинг Афғонистондаги элчихонаси ҳам Тожикистон ҳукуматига самолётларни “Толибон”га топширмагани учун миннатдорлик билдирган.
2025-йил бошида Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида Пентагон вакиллари вертолётларнинг бир қисми АҚШга қайтарилганини тасдиқлаганди. Уларнинг маълумотига кўра, яроқли ҳолатда бўлган 7 та Black Hawk вертолёти топширилган. “Толибон” эса бу қарорни кескин танқид қилган. Шу пайтгача Ўзбекистон томони авиатехника АҚШ мулки экани ва уларни “Толибон”га қайтариш масаласи кўриб чиқилмаслигини билдирган эди.







