Мунтазам қоида бузган ҳайдовчилар жарима чегирмасидан маҳрум бўлиши мумкин
Амалдаги 15 ва 30 кунлик чегирмали тўлов тартиби доимий қоидабузарларга татбиқ этилмайди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжатда қоидабузарликларни мунтазам содир этувчи ҳайдовчилар учун жарималарни тўлашда қўлланиладиган чегирмаларни бекор қилиш таклифи илгари сурилмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, жарима қарори чиққан кундан бошлаб 15 кун ичида унинг 50 фоизини ёки 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий тўлаган шахсга қолган сумма ҳисобдан чиқарилади. Эндиликда эса ушбу имтиёз тезликни кескин оширадиган, қизил чироқда тўхтамасдан ўтадиган ёки қарама-қарши йўналишга чиқиб, авариявий вазият келтириб чиқарадиган ҳайдовчиларга нисбатан қўлланмаслиги мумкин.
Хусусан, қуйидаги ҳолатлар назарда тутилмоқда:
белгиланган тезликни 40–60 км/соатдан юқори даражада ошириш — бир ойда камида 5 маротаба содир этилганда;
светофорнинг тақиқловчи сигнали ёки йўл ҳаракати бошқарувчисининг тақиқловчи ишорасига риоя қилмаслик — бир ойда 2 маротаба такрорланганда;
қарши йўналишга чиқиш ёки бошқа ҳайдовчиларни хавф остида қолдирадиган кескин манёврлар — бир ой ичида 2 маротаба қайд этилганда.
Ички ишлар вазирлиги ушбу тартиб интизомни мустаҳкамлашга, йўлларда тартибни кучайтиришга ҳамда оғир оқибатли ЙТҲларнинг олдини олишга хизмат қилишини маълум қилди.
Қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси 25 сентябргача давом этади.







